АОКА ҳузуридаги штабда ташкил қилинган брифингда коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов COVID-19’нинг хлорохин дори воситаси билан даволаш мумкинлиги ҳақида саволларга жавоб қайтарди.
Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларни даволашда безгакка қарши хлорохин препаратидан фойдаланилаётгани хабар қилинган, саволда ушбу дори воситасида хориждаги беморларда салбий ҳолатлар, жумладан, ўлим кузатилаётгани ҳақида берилганди.
«Гидроксохлорохин (хлорохин) кўплаб давлатларда коронавирус инфекциясини даволашда ижобий натижалар кўрсатди. Ушбу препаратни қабул қилган беморда вирус таъсири камаяди ва ёки бутунлай йўқолади. Дорининг таъсирини янада кучайтириш учун у билан бирга азитромицин антибиотики ҳам қўлланилмоқда. Бу ҳақда хитойлик ва кореялик шифокорлар маълум қилган. Хлорохиндан узоқ вақт давомида фойдаланилганда беморда юрак аритмияси кузатилиши мумкин, шунинг учун ҳам хлорохин билан боғлиқ барча даволаш чоралари электрокардиограмма мониторинг ва кардиолог маслаҳатлари асосида амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган 8 нафар беморнинг ҳеч бирида юрак аритмияси кузатилмаган», – дейди Оқилов.
Шунингдек, у хлорохин препарати бемор оғир аҳволда бўлган вақтлардагина ишлатилаётганини ҳам таъкидлади.
«Препарат аритмияси бор беморлар, юрак қон-томир касалликларига чалинган одамлар, ҳомиладор аёллар, болалар ва 65 ёшдан катта кишиларни даволашда ишлатилмаяпти. Бутун дунё тиббиёти ушбу инфекция билан илк бора тўқнаш келди, шу сабабли турли препаратларнинг аниқ даволашда қўллаш ҳақида гапиришга ҳали эрта деб ҳисоблайман», – деган Ҳабибулла Оқилов.
Изоҳ (0)