Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ходимларининг карантин даврида 30 кун давомида автомобиль бошқариш ҳуқуқини берувчи стикер учун тадбиркорлардан солиқларни олдиндан ярим йил муддатга тўлашни талаб қилаётгани ҳақидаги хабарларни инкор этди.
Қўмита ахборот хизматининг ёзишича ўрта ва кичик бизнес вакилларининг автотранспортларга рухсатномалар олиш масалаларига ҳокимиятлар (вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари) жавоб беради. Ҳисобот даврининг бошланиши туфайли, шунингдек, ҳокимиятларда рухсатномалар бериш ўз вақтида амалга оширилиши кечиккани ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришни таъминлаш мақсадида ДСҚ Республика махсус комиссияси топшириғига асосан республикадаги катта солиқ тўловчиларга (уларнинг сони 779 та) махсус рухсатнома беришни бошлаган.
ДСҚ стикерларни my.soliq.uz порталидаги шахсий кабинетда электрон сўров орқали олиш мумкинлигини эслатган.
Шунингдек, қўмита солиқ тўловчилардан олдиндан тўлов қилиш талаби қўйилмаётганини ҳам қайд этган. Хабарда солиқ органлари томонидан стикер учун олдиндан олти ойлик солиқларни тўлаш талаб қилинганда (71)−244 98 27 ёки (71)−244 98 34 рақамларига қўнғироқ қилиш сўралган, ушбу ҳолат тасдиғини топса, ходимга нисбатан тегишли чора кўрилиши айтилган.
Аввал Давлат солиқ қўмитаси йирик солиқ тўловчиларга стикер берилишини маълум қилгани, кейинчалик стикер олиши мумкин бўлган йирик солиқ тўловчилар тоифасига кимлар кириши ҳақида маълумот бергани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)