Дастлабки маълумотларга кўра, 2020 йил январь—март ойларида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 110,5 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитасининг маълумотларида келтирилган.
Таъкидланишича, 2020 йил январь—март ойларида ЯИМ ўсиши 2019 йил шу давридаги 5,7 фоиз ва 2018 йилги 5,6 фоизга нисбатан 4,1 фоизгача секинлашган. Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ ҳажми 3,2 миллион сўмни ташкил этди ва у кўрсаткич 2019 йилнинг январь—март ойлари билан таққослаганда 2 фоизга ўсди.
2019 йилнинг охирида Марказий банк 2020—2023 йиллар бўйича асосий ва хатарли (муқобил) сценарийни тақдим этганди. Иккинчи сценарийнинг асосини бир қатор омиллар ташкил этган, масалан, асосий савдо шерикларига нисбатан санкцияларнинг кучайиши ва нефть нархларининг пасайиши.
Бу ҳолда Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган талаб пасайиб кетади, экспортчилар зарар кўради, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳажми қисқаради. Бу эса сўмнинг тезда қадрсизланишига олиб келади ва аҳоли учун нарх даражасига таъсир қилади.
«Ташқи потенциал шокларнинг барчаси биринчи навбатда, ЯИМ ҳажмига таъсир кўрсатади. Агарда бу содир бўлса, Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 2020 йилда 4,7 фоизга секилашади», — дея прогноз қилган эди Марказий банк.
Изоҳ (0)