Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ҳокими Дилшод Мусинов карантиндан чиқиб, фаолиятини давом эттирмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, Пайариқ тумани ҳокими 2020 йилнинг март ойида делегация таркибида расмий ташриф билан Туркия давлатига кетганди. 16 март куни Ўзбекистонда карантин эълон қилинганидан сўнг сафардан қайтган ҳоким Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартда қабул қилинган, чет давлатлардан қайтган фуқаролар 14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляцияда бўлиши кераклиги ҳақидаги қарорига асосан карантинга олинган.
Айтилишича, ҳоким Дилшод Мусинов 23 апрель, пайшанба куни, ишга чиққан. Ишини Имом Бухорий мажмуасида Қуръон тиловат қилиб, қурбонлик келтиришдан бошлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 23 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, 1716 нафарни ташкил этмоқда — касалланганлар сони айни пайтга қадар ўзгаришсиз қолмоқда.
Изоҳ (0)