Бухоро шаҳрида жойлашган Хўжа Калон масжиди олдидаги ҳовуз Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг тегишли рухсатсиз бузилгани ва у ерда таъмирлаш ишлари олиб борилгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди. Мазкур таъмирлаш ишлари акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.
Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан «Дарё»га маълум қилинишича, Гавкушон кўчасидаги ушбу Хўжа Калон ҳовузи 2001 йил мазкур ҳудудда олиб борилган реконструкция ишлари давомида топилган ва ўша йилнинг ўзида қайта реставрация қилинган.
Таъкидланишича, динамик таъсирлар натижасида ҳовуз ғиштларида чўкиш ва эскиришлар кузатилгани боис айни пайтда ҳовуз қайта реконструкция қилинмоқда. Шунингдек, Бухоронинг Эски шаҳар қисмидан оқиб ўтувчи Шоҳруд ариғи ҳам қайта реконструкция асосида миллий замонавий кўринишга келтирилади, дея маълум қилди Бухоро вилоят Маданий мерос бошқармаси масъул ходими Баҳром Ҳусейнов.
Бухоро шаҳар ҳокимлигининг «Дарё»га берган маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида мазкур ҳудудда таъмирлаш ишларини олиб бориш бўйича кўрсатма берган. Хусусан, мазкур ташриф давомида бўлиб ўтган йиғилишда Бухоро шаҳрининг Эски шаҳар қисмида туристик йўналиш бўйича ҳудудни ободонлаштириш ва барча муҳандислик тармоқларини реконструкция қилиш бўйича топшириқ берилган.
Изоҳ (0)