Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган навбатдаги 8 нафар бемор бутунлай соғайди. Улар 21 апрель куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги

Маълум қилинишича, тузалганларнинг 5 нафари Андижон шаҳридан, 3 нафари эса Жалақудуқ туманидан. Улардан 4 нафари — эркаклар, яна 4 нафари — аёллар. Уларнинг барчаси коронавирус инфекциясига чалинган беморлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Улар орасида энг каттаси 60 ёшда бўлса, энг кичиги 9 ёшда.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги

Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусдан тузалганлар сони 21 нафарга етди. Айни пайтда Ўзбекистон бўйича коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар 269 нафарни ташкил этмоқда.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги

Ўзбекистонда 21 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 1657 нафарни ташкил этмоқда. Мамлакатда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг беш нафари вафот этди. Хорижда 73 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган (энг кўпи — 42 нафари — Россияда), уларнинг тўрт нафари вафот этган.

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги