Бухоро вилоятида жорий йилнинг 20 апрель ҳолатига кўра коронавирусга чалинганлар сони яна иккитага кўпайиб, 388 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлигида ташкил этилган штаб масъули, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходими Салим Раҳимов маълум қилмоқда.
Таъкидланишича, беморларнинг 68 нафари тўлиқ соғайган ва реабилитацияга кузатилган. Ҳозирда 320 нафар бемор даволанмоқда.
«Дарё» манбасининг қўшимча қилишича, 20 апрель куни касалликка чалингани аниқланган икки нафар бемор Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи юк машинаси ҳайдовчиси бўлган.
Аниқланишича, ҳайдовчилардан бири жорий йилнинг 27 мартида Бухородан Озарбайжоннинг Баку шаҳрига борган ва у ерда икки кун бўлган. Бакудан Волгoград кейин Тожикистон республикасига ўтган. 14 апрель куни Бухорога қайтган. 19 апрелда эса вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари (СЭОМ)нинг вирусология лабораториясида полимер занжир реакцияси (ПЗР) усулида текширилганда, COVID-19’га гумон қилинган.
Иккинчи бемор эса жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб меҳнат таътилида бўлган. 16 апрель куни қизининг тана ҳарорати кўтарилгани сабабли тез тиббий ёрдам чақирган. Лабораторияда текширилганда, коронавирусга чалинганликда гумон қилинган. Беморлар билан мулоқотда бўлганлар, уларнинг яқинларида ҳамроҳ касалликлар ва соғлиги тўғрисида шикоят йўқлиги маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Бухорога чартер рейслар орқали хориждан қайтган фуқаролар вилоятдаги мавжуд 15 та карантин зоналарига ётқизилган эди. Ҳозирга қадар карантин муддатини ўтаган 79 нафар фуқарода касаллик чиқмагани боис, улар уйига қайтарилган. Шунингдек, 729 нафар фуқаро стационар шароитда карантин муддатини ўтамоқда.
Чет элдан қайтган фуқароларнинг оила аъзолари билан бирга бугунга қадар вилоятда жами 15386 нафар фуқаро уй карантинида бўлган. 9414 нафари ушбу муддатни ўтаган. Ҳозирда эса 5972 нафар фуқаро уй карантинида сақланмоқда.
Изоҳ (0)