Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари буткул соғайди. Улар соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Шу тариқа, Ўзбекистонда коронавирусдан тузлаган беморлар сони 107 кишига етди.

Соғайган беморларнинг 4 нафари эркак, 4 нафари аёллардир. Улардан 6 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан. Беморлардан икки нафари Туркиядан, яна бир нафари эса Россиядан Тошкентга чартер рейс билан келган. Қолган беш нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 51 ёшда, энг кичиги эса 10 ёшда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Самарали даволаш муолажаларидан кейинги сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди. Мазкур клиникада шу пайтга қадар 56 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 64 нафарга етди.

Ўзбекистонда 15 апрель соат 16:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 61 кишига ошиб, 1275 нафарни ташкил этмоқда. Коронавирусдан тузалганлар сони 14 апрелда 99 кишига етган эди. Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ илк ҳолат 15 март куни тасдиқланган бўлса, ўтган вақт давомида коронавирусни юқтириб олгани аниқланган тўрт бемор вафот этди,

Бундан ташқари, хорижда камида 23 ўзбекистонлик коронавирусга чалинган, уларнинг уч нафари вафот этган.