Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Содиқжон Бердиалиев АОКА ҳузурида ташкил этилган штабда бўлиб ўтган брифингда шифокорлар томонидан йўл қўйилган лоқайдлик туфайли 30 нафар фуқаро карантинга олинганини маълум қилди.
«Афсуски айрим шифокорларимизда лоқайдлик ва бепарворликка берилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи фуқаро 19 март кунидан 4 апрель кунига қадар, яъни 16 кун мобайнида тана ҳарорати кўтарилиб, ҳолсизлик сезаётганлиги боис 4 марта Юнусобод туманидаги 51-сонли оилавий поликлиникага ва 7-сонли шаҳар клиник шифохонасига мурожаат қилган.
Шифокорлар унга тиббий ёрдам ва муолажалар кўрсатиб, уйига кетишига рухсат беришган. Ушбу фуқаронинг соғлиғи оғирлашиб, бешинчи марта шифохонага мурожаат қилганидан сўнгина ундан вирусологик текширув учун намуна олинган.
Текширув натижасига кўра унда коронавирус аниқланиб, у ва у билан мулоқатда бўлган 30 дан ортиқ фуқаролар карантинга олинди.
Минг афсуски, ҳозирда у билан мулоқотда бўлган ҳамшира ва бошқаларда ҳам коронавирус аниқланмоқда,» — деди Содиқжон Бердиалиев.
Бундан ташқари, прокуратура томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида аҳоли орасида ҳозирда касаллик юқтириши мумкин бўлган хавфли гуруҳлар маълум қилинди:
1-хавфли гуруҳ — бозорларда ва савдо дўконларида савдо қилаётган сотувчилар;
2-хавфли гуруҳ — уй шароитида ва бошқа жойларда карантинда сақланиб турган фуқаролар;
3-хавфли гуруҳ — хизмат зарурияти туфайли кўплаб фуқаролар билан мулоқотда бўлиб ишлаётган шахслардир.
Шу сабабли ҳар бир фуқаро барча жойда ўзини жуда эҳтиёт қилиши лозимлиги қўшимча қилинди.
Изоҳ (0)