Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида илк бор коронавирус инфекциясига чалинган 10 нафар бемор буткул соғайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, улар 14 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.
Соғайган беморларнинг 3 нафари эркак, 7 нафари аёллардир. Улардан 6 нафари Тошкент шаҳридан, 3 нафари Тошкент вилоятидан ва 1 нафари Самарқанд вилоятидан. Беморлардан икки нафари жорий йил 28 март куни чартер рейс орқали Туркиядан Тошкентга келган.
Қолган 8 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 62 да бўлса, энг кичиги 5 ёшда. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларнинг хасталикдан буткул тузалганини кўрсатган.
Шундай қилиб, 14 апрель соат 14:35 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан соғайганлар 99 нафарни ташкил этмоқда.
Изоҳ (0)