9 апрель, пайшанба куни, АOKА штабида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда фуқаролар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кўтарилган муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди. Хусусан, қатъий режимдаги карантин яна қанча вақт давом этиши сўралди.

«Карантин Ўзбекистонда эпидемиологик вазият нормаллашгунча давом этади», — дея жавоб берган Нурмат Отабеков.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус юқтириш билан боғлиқ биринчи ҳолат 15 март куни қайд этилган. Шундан сўнг 16 мартдан буён мамлакатда карантин режими жорий этилди. Шу кунгача карантин қоидаларига амал қилмаганлар сони қарийб 40 минг кишига етди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 9 апрель Тошкент вақти билан соат 15:30 ҳолатига кўра, 582 кишига етди. Шу пайтга қадар уч киши (бир аёл ва икки эркак) коронавирус сабаб вафот этди.