Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими вазирлик раҳбари Алишер Шодмоновнинг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида ўзбекистонлик бир бемор 52 кишига коронавирус юқтиргани ҳақидаги гапи юзасидан изоҳ берди.
Вазир Шодмонов 6 апрель куни «Ўзбекистон 24» телеканалида жонли эфир орқали қилган чиқишида бошловчининг саволларига жавоб бераркан, Тошкент вилоятида яшовчи коронавирусга чалинган шахс ўзида касаллик белгилари бўлишига қарамай (йўтал, тана ҳароратининг кўтарилиши ва ҳансираш), жамоат жойларига бориб, 52 кишига касалликни юқтирганини айтиб ўтган эди.
Кейинроқ Тошкент вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш вазирининг бир бемор касалликни яна 52 кишига юқтиргани ҳақидаги сўзларини рад этиб, 6 апрель соат 19:00 ҳолатига қадар вилоят ҳудудида коронавирусга чалинган 18 нафар бемор аниқлангани ҳақида баёнот берди (ва кейинчалик бу баёнотини ўчириб ташлади).
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, вазир Шодмонов томонидан Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи бир бемор касалликни яна 52 кишига юқтиргани ҳақида айтилган гап — оғзаки англашилмовчилик. Вазирликнинг қайд этишича, Шодмонов аслида «касалликка чалинган шахс масъулиятсизлиги сабаб 52 нафар шахс билан яқин мулоқотга киришганлиги»ни айтмоқчи бўлган.
Вазирлик Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг алоҳида қайд этишича, «Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугунги кунда халқимиз саломатлиги ва эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида вазир Алишер Шодмонов бошчилигида туну кун хизмат қилмоқда».
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан қўшимча қилишларича, Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар сони 6 апрель соат 12:00 ҳолатига 29 нафарни ташкил этган эди.
Маълумот учун, 6 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 457 нафарга етди (уларнинг икки нафари вафот этган, 30 нафари соғайган). Беморлар сони 6 апрель куни 115 нафарга кўпайди — бу Ўзбекистон учун бир кунда аниқланган беморлар сони бўйича мутлақ рекорд бўлди.
Изоҳ (0)