Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус қайд этилган фуқароларнинг доимий яшаш манзиллари бўйича ҳудудлар кесимида касалланиш ҳолатларини эълон қилди.

Фото: «Дарё»

Унга кўра 147 нафар бемор Тошкент шаҳридан бўлса, 71 нафари Андижон вилоятидан. 42 нафар наманганлик фуқароларда ҳам коронавирус инфекцияси қайд этилган.

29 нафар бемор Тошкент вилоятидан, 24 нафари Фарғона ва 21 нафари Самарқанд вилоятидан. Қашқадарёлик беморлар сони 17 нафарни ташкил этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида доимий истиқомат қилувчи 11 нафар фуқароларда коронавирус инфекцияси қайд этилган.

Бухоро вилоятидан 8 нафар, Навоий ва Сурхондарё вилоятларидан 5 нафардан, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан 4 нафардан коронавирус беморлари аниқланган. 2 нафар бемор Жиззах вилоятида доимий истиқомат қилади. Ушбу рўйхат беморларнинг доимий яшаш манзиллари бўйича тузилган.

Аввалроқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Тошкент вилоятида яшовчи коронавирусга чалинган шахс ўзида касаллик белгилари бўлишига қарамай, жамоат жойларига бориб, 52 кишига касалликни юқтирганини айтиб ўтган эди. Кейинроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазирнинг ушбу гапини «оғзаки англашилмовчилик» деб атади.

Маълумот учун, 6 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 457 нафарга етди (уларнинг икки нафари вафот этган, 30 нафари соғайган). Беморлар сони 6 апрель куни 115 нафарга кўпайди — бу Ўзбекистон учун бир кунда аниқланган беморлар сони бўйича рекорд бўлди.