Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар 342 кишига етди. Инфекция билан касалланганлар сони сўнгги баёнот берилганидан бери 32 киши ошган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
«Охирги тасдиқланганларнинг барчаси стационар шароитда карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган», — дейилади хабарда.
Аввалроқ 5 апрель Тошкент вақти билан соат 23:00 ҳолати бўйича Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 12 нафарга ошиб, 310 кишига етгани ҳақида хабар берилганди.
Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков Вирусология илмий-текшириш институтида 85 беморнинг 22 нафарида пневмония белгилари кузатилаётгани, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир деб баҳоланаётганини маълум қилганди.
Шунингдек, Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасидаги 35 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, 1 нафарининг аҳволи эса ўта оғир деб баҳоланмоқда. Аҳволи оғир ва ўта оғир деб баҳоланган беморлар интенсив-терапия муолажаларига ўтказилган.
5 апрель, якшанба куни, мамлакатда илк касалланиш ҳолати қайд этилганидан бери 30 нафар бемор соғайгани маълум қилинди.
Аввалроқ Умра сафаридан Туркия орқали қайтган наманганлик аёлнинг коронавирусга чалинган 72 ёшли онаси 27 март куни тонгда инфарктдан вафот этган, иккинчи қурбон — Тошкентда истиқомат қилган 39 ёшли шифокор. У касаллигини яшириб, ўзини уйда даволашга уринган.
Шунингдек, Нью-Йорк шаҳрининг Бруклин туманида икки ўзбекистонлик — бир нафар эркак ҳамда бир аёл коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилганди.
Жонс Ҳопкинс университетининг маълумотига кўра, дунё бўйича коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 1,2 миллион кишидан ошиб кетди.
Мавзуга доир:
- «Карантин ноябрь ойигача давом этадими?». Республика бош давлат санитария инспектори жавоб берди
- Бош санитария инспектори COVID-19 нинг клиник белгилари яширин даврнинг қайси кунларида намоён бўлаётганига аниқлик киритди
- Ҳукумат вакили ОАВда касалликдан тузалганлар ҳақида хабарлар кўплиги, бироқ касалланганлар сони камаймаётганига изоҳ берди
Изоҳ (0)