Республика Бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда кўплаб саволларга жавоб қайтарди.
Хусусан, кўзи ёриган вилоятда истиқомат қилувчи эмизикли фарзанди бор она шаҳардан уйига ета олмаётгани ҳақидаги саволига қуйидагича изоҳ берилди.
«Ушбу масала бўйича туғуруқхона раҳбариятига мурожаат қилинг, шаҳарда кимнингдир уйида турган бўлсангиз, яқин қариндошлар ушбу вазиятни тегишли органларга тушунтирсин. Карантин абадий давом этадиган жараён эмас, муайян вақт уйдан узоқда қолишингизга тўғри келса-да карантинда қолсангиз, қариндошларингизни ҳам, ўзингизни ҳам, чақалоқни ҳам касаллик юқтириш эҳтимолидан қутқарган бўласиз», — дея таъкидлаган Отабеков.
Шунингдек, брифингда касалликнинг яширин даври 14 кун экани, агар бемор уни юқтириб олган бўлса, касалликнинг бошланиши шу даврнинг қайси кунига тўғри келиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.«Касалликнинг яширин даври — бу касаллик вируси организмга тушганидан кейин унинг клиник белгилари намоён бўлгунича бўлган давр. Яширин давр 14 кун деб белгиланди, тиббий кузатувлар, хорижий экспертлар фикрлари асосида қарийб 95-97 фоиз ҳолатларда касалликнинг клиник белгилари коронавирус юққанидан кейин 10—11-кунлари намоён бўлишни бошламоқда», — дейди Нурмат Отабеков.
Изоҳ (0)