Март ойи давомида Zoom видеоконференциялар сервисидан ҳар куни 200 миллиондан ортиқ одам фойдаланди. 2019 йилнинг декабрида ушбу кўрсаткич 10 миллион атрофида бўлган.

Фото: Sputnik

Сервиснинг оммалашишига COVID-19 коронавирус пандемияси вақтида одамларнинг карантинда ўтиргани сабаб бўлмоқда.

Таъкидланишича, компания 90 кун ичида хавфсизлик ва конференциялар махфийлигини таъминлашга оид масалаларни ечишга ваъда берган. Чунки сўнгги ҳафталарда компания мижозларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қила олмасликда айбланмоқда.

2019 йилнинг июлида Apple ўзининг Mac компьютерларидан Zoom’ни ўчириб ташлаган эди. Бунга хакерлар сервис орқали фойдаланувчининг видеокамерасига уланиши мумкинлигига оид нуқсон сабаб бўлганди. Zoom конференцияларни ўтказиш имконини берадиган идентификация рақамларидан фойдаланади, бироқ хакерлар учун уни тахминий топиш ёки бузиб кириш осон.