Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирусга чалинган беморларга ғамхўрлик қилаётган бўлим бошлиғи шифокор Малика Низомхўжаева ва бўлим катта ҳамшираси Дилдора Имомхўжаева 1 апрель куни таваллуд кунларини нишонлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, уларни барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда ташриф буюрган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг шахсан ўзи табриклаган.
«Соғайиб кетганларни кузатиш чоғида вазиримиз бизнинг ҳам туғилган кунимизни ҳисобга олганлари кутилмаган ҳол бўлди. Совғалар топшириб, кўнглимизни кўтардилар. Беморлар тузалиб кетган бир пайтда бўлган эътибор туфайли касбимдан жуда ғурурландим. Илоҳим, ҳамма беморларимиз ҳам соғайиб, уйларига қайтишсин», — деди шифокор Малика Низомхўжаева.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2 апрель Тошкент вақти билан соат 9:00 ҳолатига кўра коронавирусга чалинган беморлар сони 187 нафарни ташкил этмоқда (ҳозирда уларнинг 90 нафари Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанмоқда), 12 киши соғайган, икки бемор вафот этган. Яқин вақт ичида яна 10 га яқин беморнинг соғайиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)