1 апрель куни Ўзбекистон Президентининг топшириғига мувофиқ, коронавирус тарқалишининг олдини олишга кўмак бериш мақсадида Афғонистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди, деб хабар беради ЎзА.
Мамлакат раҳбари номидан афғон халқига Ўзбекистоннинг дўстона ёрдами сифатида йўлга тушган поездга коронавирусга қарши курашда биринчи навбатда зарур бўладиган маҳсулотлар юкланган. Тиббий ниқоблар, ҳимоя комбинезонлари, касалликни аниқлашга ёрдам берадиган тепловизор, пирометрлар, ун, ёғ, гуруч, хўжалик совуни, шунингдек, афғон болалари учун кийим-кечак маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик юки «Ангрен—Тошкент—Термиз—Мозори-Шариф» йўналиши бўйлаб жўнаб кетган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг топшириғига мувофиқ, шу пайтгача коронавирусдан энг кўп азият чеккан бир қатор мамлакатлар, жумладан, Хитой, Эрон ва Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами жўнатилган эди. Ўз навбатида Бирлашган Араб Амирликлари ҳам март ойининг охирларида Ўзбекистонга гуманитар ёрдам юборганди.
Изоҳ (0)