Ўзбекистон халқ артисти Ойбарчин Бакирова 20 март куни 70 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллий агентлиги маълум қилди.

Ойбарчин Бакирова 1950 йил 27 июнь куни Андижонда Ўзбекистон халқ артисти Аббос Бакиров оиласида дунёга келган. У оиласида икки қиз ва икки ўғилнинг бири ҳисобланади.

Ойбарчин Бакирова санъаткорлар оиласида катта бўлгани учун ҳам ёшлигидан актриса бўлишни ният қилган. У ўрта мактабни тамомлагач Тошкент театр ва рассомчилик санъати олийгоҳида таҳсил олган.

Актриса ўз фаолиятини 1971 йилда «Ўзбекфильм» киностудиясида бошлаган. У «Тангалик болалар», «Армон», «Ўйин» ва «Фарзандим» каби ўнлаб фильмларда турли образларни яратган.

«Ойбарчин Бакирова томошабинларга нафақат киноактриса, балки дубляж соҳасидаги фаолияти орқали ҳам жуда яхши таниш. Актриса 100 дан зиёд кино ва мультфильм қаҳрамонларига овоз берган», — дейилади «Ўзбеккино» хабарида.

Ойбарчин Бакирова 2000 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони билан тақдирланган эди.