Қозоғистон президентини мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат режимини эълон қилгани ҳақида хабар берилганди. Tengrinews’нинг ёзишича, 16 февралдан режим бошланган.

Фото: Tengrinews

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаевнинг тегишли қарорига кўра, мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат режими 16 март куни соат 08:00 дан 15 апрель соат 07:00 га қадар амалда бўлади.

Бу каби қарор бутун дунё бўйлаб коронавирус пандемияси тарқалиши фонида қабул қилинган. Ушбу давр оралиғида бош вазир Асқар Мамин бошчилигидаги махсус давлат комиссияси иш олиб боради.

Фавқулодда ҳолат даврида Қозоғистонда қатор чекловлар жорий этилди. Йирик ноозиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган йирик объектлар, кинотеатрлар, театрлар, кўргазмалар ва бошқа жойлар фаолияти тўхтатилди. Бундан ташқари, оммавий спорт ва кўнгилочар тадбирлар, шунингдек, оилавий тўйларни ўтказиш тақиқланган.

Қозоғистонликлар фавқулодда ҳолат даврида мамлакатни тарк эта олмайди (хорижга даволаниш учун кетаётганлардан ташқари).

Ҳозирда Қозоғистонда коронавирус юқтириб олганлар сони олти нафарни ташкил этади. 1090 киши касалхонага ётқизилган, 452 киши уй карантинида.

Эслатиб ўтамиз, 15 март соат 06:00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Францияда бўлиб қайтган бир нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди. Бемор аёл туфайли 150 киши изоляцияга олинди. Уларнинг тўққиз нафари аёлнинг оила аъзолари.