Муҳаммадмурод Худойберганов Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани ҳокими этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
У туман ҳокими лавозимида Махсуд Саидовни алмаштирган. Муҳаммадмурод Худойберганов ушбу тайинловга қадар 2019 йилдан буён Агросаноат комплексини назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.
Қайд этиш жоиз, мазкур тайинлов Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифидан кўп ўтмай амалга оширилди. «Gazeta.uz»нинг ўз манбаларига асосланиб қўшимча қилишича, вилоятнинг Янгибозор ва Ҳазорасп туманлари ҳокимлари ҳам ўзгариши кутилмоқда.
Айни вақтда «Xabar.uz»нинг ёзишича, Президент ташрифидан сўнг Хоразм ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари О.Курязов ишдан олиниб, ўрнига шу вақтгача Тошкентда ишлаб келган Б.Қурбонов тайинланган. Шунингдек, вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ў.Қурбонов Янгибозор туманига ҳоким этиб тайинланиши кутилаётгани муносабати билан, у лавозимидан озод этилиб, ўрнига бошқа кадр тайинланган.
Изоҳ (0)