Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева фаол аёллар билан атроф-муҳитга шафқатсиз муносабат масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram’даги саҳифасида маълум қилди.
«Бир гуруҳ фаол аёллар ижтимоий тармоқларда жамиятнинг атроф-муҳитга шафқатсиз муносабати масаласини кўтариб, уни олдини олиш юзасидан мавжуд таклифларини мен билан муҳокама қилмоқчи эканликларини билдирган эдилар.
Куни кеча биз улар билан учрашдик. Ишни қандай ташкил қилиш мумкинлигини келишиб олдик. Умид қиламанки, биз жамоатчилик кўмаги билан мавжуд муаммоларга қарши биргаликда курашамиз ва уларни бартараф этамиз», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бир гуруҳ фаол аёллар ҳимоясиз жониворларга ғамхўрлик кўрсатишда ёрдам сўраб Саида Мирзиёевага видеомурожаат йўлланган эди. У видеомурожаатга жавоб қайтариб, ушбу фаолларнинг фикрини қўллаб-қувватлашини, уларнинг муаммосини тинглашга ҳамда жониворларга нисбатан раҳмсиз муносабатга йўл қўймаслик учун ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.
Изоҳ (0)