Қозоғистонда қўл бериб кўришиш ва ўткир респиратор вирусли инфекция белгилари бор инсонлар билан мулоқотдан қочиш тавсия қилинди, деб хабар беради Tengrinews.

Фото: Tengrinews

«Асосий эътиборни шахсий гигиенага қаратиш керак. Қўлларни ювиш, антисептик воситалардан фойдаланиш ва йўталганда керакли чораларни кўриш лозим: хонани яхшилаб тозлаш, тез-тез шамоллатиб туриш. Учрашувларда қўл бериб сўрашишни йиғиштириш, ўткир респиратор вирусли инфекция белгилари бор инсонлар билан мулоқот қилмаслик ва оммавий тадбирларга бормасликни тавсия қиламиз. Бу умумий тавсия. Умид қиламизки, барча қоидаларда риоя қилинса, ўзингиз ва атрофдагилар соғлиғига зарар етмайди», — дейди Нур-Султон шаҳри Жамоатчилик соғлиғини сақлаш бошқармаси раҳбари Сауле Кисикова.

Кисикованинг таъкидлашича, шаҳардаги барча тиббиёт муассасаларида шифокорлар таркибига коронавирус инфекциясини қандай қилиб қайд этиш, шунингдек, хавфсизлик чораларини кўриш бўйича семинар ва тренинглар ўтказилган.

Кисикова ушбу тоифадаги шахсларга тиббий ёрдам кўрсатадиган тиббиёт ходимлар эпидемияга қарши режим ва санитария-эпидемиология талабларига мувофиқ равишда ўқитилганлигини маълум қилди. Тиббиёт муассасалари тўлиқ дори-дармонлар, керакли воситалар ва индивидуал ҳимоя восиялари билан таъминланган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари Нур-Султондаги шифохоналарда коронавирус билан касалланган тўрт бемор даволанаётгани тўғрисидаги миш-мишларни рад этган.

Аввалроқ Қозоғистонда икки кишида коронавирус қайд этилгани, уларнинг иккиси ҳам Германиядан қайтгани ҳақида хабар берилганди. Сўнгги маълумотларга кўра бутун дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 128 минг кишидан ошиб кетди. Улардан 68 мингдан ортиғи даволанишга муваффақ бўлди.