Самарқандлик ҳайдовчи ЙПХ инспектори фаолиятига қаршилик кўрсатиб, уни ҳақорат қилди. Шу сабабдан ҳам 7 суткага қамалди. Бу ҳақда «Дарё»га Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев маълум қилди.

Маълум бўлишича, 10 март, сешанба куни, Тайлоқ тумани «Боғи чинор» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-377 Садриддин Айний—Тайлоқ автомобиль йўлида хизматга жалб этилган Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари Nexia русумли автомашина ҳайдовчисини тўхтатиб, хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатланиб келаётганини билдирган.

Ҳайдовчи С.О. инспекторнинг қонуний талабларини бажармай қоидабузарлик бўйича маъмурий баённома тузаётган ходим фаолиятига қаршилик кўрсатган. Уйдирма гаплар билан атрофдаги фуқароларни ўзига қаратиб, ЙПХ ходимини ҳақоратлаб, ҳодиса жойидан кетиб қолган.

Тайлоқ тумани Маъмурий судининг 2020 йил 11 март санасидаги қарори билан ҳайдовчи С.О.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддасида (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Марғилонда ЙПХ инспекторининг талабига бўйсунмаган 19 нафар Damas ҳайдовчиси қамалганди. ЙПХ инспекторини ноҳақ айблаб, видеога олган фуқаро 10 суткага қамалган бўлса, Самарқандда ЙПХ инспекторига қаршилик кўрсатган фуқаро 5 суткага қамалганди.