Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш мақсадида Эронга инсонпарварлик ёрдамини жўнатади. Бу ҳақдаги ҳукумат фармойиши 12 март, пайшанба куни, қабул қилинди, деб хабар берди Ўзбекистон Адлия вазирлиги.

Фото: Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати

Фармойишга кўра, мазкур гуманитар ёрдам Эрон ҳукуматининг коронавирус касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур буюм ва воситалар билан таъминлашда ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаатини қўллаб-қувватлаш мақсадида жўнатилади.

Ҳукумат фармойишига мувофиқ, ушбу инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида Эронга қуйидаги тиббий буюмлар юборилади:

  • ​бир марталик стерил тиббий қўлқоплар;
  • ​ҳимоя қилувчи комбинезон;
  • ​махсус тиббий форма;
  • ​тиббий ниқоблар;
  • ​тиббий дока;
  • ​тиббий спирт;
  • ​гигиеник гель;
  • «Рутан» таблеткалар.

Инсонпарварлик юкини кузатиб бориш ва топшириш учун Эронга фавқулодда вазиятлар вазирининг ўринбосари бошчилигида Ўзбекистон делегацияси юборилади.

Эслатиб ўтамиз, шу вақтга қадар Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Хитойга икки марта гуманитар ёрдам жўнатди. Бунга жавобан Хитой раҳбари Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.

Эрон ҳукумати Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)га коронавирус эпидемияси туфайли 5 миллиард доллар беришни сўраб, мурожаат қилди. Аввалроқ Трамп коронавирусга қарши курашда АҚШ Эронга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган. АҚШ кўмагини рад этган Эрон Россиядан ёрдам сўраган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесус коронавирус билан боғлиқ вазият пандемия даражасига чиққанини маълум қилди. Сўнгги икки ҳафта давомида Хитойдан ташқарида коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари сони 13 мартага ошди, касаллик қайд этилган мамлакатлар сони эса уч баравар кўпайди.