Telegram мессенжерида ИИО ходими ва фуқаролар номаълум шахсни юқори қувватли электр тармоғи устунидан тушишини илтимос қилаётганлари акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу видео бўйича маълумот берди.
Таъкидланишича, 4 март куни тахминан соат 17:45 да номаълум эркак «Қўйлиқ» бозори ҳудудидаги юқори қувватли электр тармоқ устунига чиққани Бектемир тумани ИИО ФМБ ходимларининг назарига тушган. Устундан тушишини илтимос қилганларга жавобан у ўз жонига қасд қилиш нияти борлигини айтган.
Ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари уни пастга туширишга муваффақ бўлган.
Номаълум эркак фарғоналик муқаддам судланган 34 ёшли Д.Д. эканлиги ва у спиртли ичимлик таъсири остида эканлиги маълум бўлган.
«Ҳозирги вақтда Д.Д. Тошкент вилояти клиник психиатрия шифохонасига жойланди, шифохонада у билан психологлар ишламоқда», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)