Дунёнинг таниқли эксперти, тиббиёт фанлари доктори, профессор Михаил Фаворов Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишда ёрдамлашмоқда, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Михаил Фаворов шу кунларда халқаро мустақил эксперт сифатида Ўзбекистонда коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида фаолият олиб бораётган ССВдаги штаб мутахассислари билан биргаликда Ўзбекистондаги ушбу соҳага ихтисослашган даволаш муассасаларидаги тиббиёт ходимларига ҳам консултатив ёрдам кўрсатмоқда.
У 2020 йилнинг февраль ойида Россияда коронавирус тарқалиши эҳтимолини нолга тенг, деб баҳолаган. 9 март ҳолатига кўра, Россияда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 20 та ҳолат қайд этилган. Беморларнинг 2 нафари Хитойда, 18 нафари эса Италияда бўлиб қайтганди. Россиянинг ўзида коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ биронта ҳолат ҳозиргача қайд этилмаган.
Маълумот учун, Михаил Фаворов Халқаро вакцина институти бош директорининг ўринбосари сифатида дунёда турли инфекцияли касалликлар, жумладан, папиллома вируси, вабо, грипп, пневмококк ва менингококк каби қатор оғир турдаги юқумли инфекцияларнинг олдини олиш, профилактикаси, ташхиси ва уни замонавий даволаш усулларини қўллаш борасида катта тажирабага эга таниқли мутахассис ҳисобланади.
Михаил Фаворов жаҳонда эмлаш дастурларини самарали тақдим этган олим сифатида ҳам таниқли. У Америка микробиология уюшмаси аъзоси, Соғлиқни сақлаш ва эпидемиология бўйича халқаро эксперт бўлиб, 40 йиллик умрини дунёнинг турли ҳудудларида юқумли касалликларни ўрганиш ва олдини олиш соҳасига бағишлаган.
Изоҳ (0)