Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиалида фуқаро шифокорларга пичоқ билан тажовуз қилди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Мазкур ҳолат бўйича, Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати муносабат билдирди.
«Андижон шаҳри Дукчи эшон кўчасида рўйхатда турувчи фуқаро М.Х. 2020 йилнинг 29 февраль куни опаси М.Ф.ни яшаш хонадонида йиқилиб тан жароҳати олганлиги сабабли Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиалига тиббий кўрикдан ўтказиш учун олиб келган.
Шифохонада М.Х опаси М.Ф.нинг шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилиши кечикаётганига жаҳл қилиб, рўйхатга олиш бўйича ўзаро суҳбатлашаётган вақтида М.Х. шифокорлар билан ‘Нега опамга биринчи ёрдам кўрсатмаяпсан?’ деб оғзаки тортишиб, ёнида бўлган темир бўлагини жаҳл устида шифокорлар томонга отиб юборган ва шовқин қилиб, шифохона тинчлигини бузган.
Мазкур ҳолат бўйича Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Андижон филиали ходимлари 2020 йилнинг 6 март куни фуқаро М.Х.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Андижон шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига жамоавий ариза билан мурожаат қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан бошқарма томонидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади муносабатда.
Ушбу тиббиёт муассасасида ишлаётган, исми сир қолишини сўраган ходимлардан бирининг айтишича, шифокор ҳолат юзасидан хабар бериш мақсадида ички ишларга қўнғироқ қилаётганида фуқаро «Нега милицияга хабар берасан?», дея пичоқ кўтариб шифокорларга ташланган. Маълумотларга кўра ҳеч ким жароҳатланмаган.
Эслатиб ўтамиз, бу Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига тажовуз қилиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Хусусан, 2020 йилнинг 4 январь куни Наманганда беморнинг қариндоши шифокорнинг кўзини кўр қилди, 28 январь куни Фарғона шаҳридаги 2-оилавий поликлиникада бемор қиз ва унинг онаси тиббиёт ходимларига тажовуз қилиб, ҳамширани калтаклаган.
Изоҳ (0)