Бугун, 4 март куни, «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» компанияси енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш тўғрисида келишув имзолади. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати хабар берди.

Фото: InfoCar

Унга кўра, «Жиззах автомобиль заводи» МЧЖ базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш ташкиллаштирилади. Шунингдек ишлаб чиқарилган техникани сотиш тизими йўлга қўйилади.

Ҳамкорлик 2020 йилда Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошланади. У иккита модификацияда таклиф этилади: 7 ўринли йўловчи универсали ва юк фургони. Ушбу модел ҳам тижорат, ҳам оилавий фойдаланишга мўлжалланган. Автомобиль қуввати 110 о.к. ва ҳажми 1,6 литрли тежамкор бензинли двигатель  билан жиҳозланади. Шаҳар цикли режимида ёқилғи сарфи 100 километрга 9,3 литр, трассада – 100 километрга 6,1 литрга тўғри келади.

Корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар «Ўзавтосаноат» АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.

Қайд этилишича «Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 000 дона автомобилга тенг бўлади. Ҳамкорлик доирасида келажакда Volkswagen Group концернининг кенг моделлар қаторидан бошқа намуналарни ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилади.

Маълумот учун, «Фольксваген Груп Рус» — Volkswagen АG концернининг шўъба корхонаси бўлиб, Россия бозорида концерннинг еттита русуми фаолиятини бирлаштириб туради: Volkswagen — енгил автомобиллар, Ауди, ŠKODA, Bentley, Lamborghini, Ducati ва Volkswagen тижорат автомобилларидир. Volkswagen АG дунёда етакчи ва Европадаги энг йирик авто ишлаб чиқарувчилардан бири саналади.

Аввалроқ UzAuto Motors автомобиллар сотувини вақтинча тўхтатиши хабар берилган эди.