Нега ўтган ҳафта Сарвар устанинг рубрикаси бўш қолганини сўраманг. Биз сўрасак, «Мендан ҳеч нарса кутманг. Сизларга ҳеч қандай ваъда бермаганман» жавобини олдик. Янги вирус депутатдан устага ҳам юқибди. Ёзиб келган мавзуси эса коронавирусдан ҳам юқумлироқ бўлган кампаниябозлик ҳақида. Марҳамат.
Йўқолсин коронавирус!
Коронавирус Хитойда
Хитой давлати ўн кун ичида минг ўринли шифохона қуриб беморларни даволашга киришди. Бутун мамлакатнинг тез тиббий ёрдам муассасалари касаллик ўчоғига жалб этилди. Замонавий тез тиббий ёрдам пунктлари бунёд этилмоқда.
Коронавирус Японияда
Япон олимлари коронавирусга қарши вакцина яратишга киришди. Тиббиёт бўйича Нобель мукофотлари соҳибларидан ташкил топган жамоа коронавирусни батамом енгишга бел боғлаб лабораторияда ишламоқда. Бир ҳафтада ясалган махсус нур трубкали сканер коронавируснинг ташқи симптомларини 98 фоиз аниқликда кўрсатиб бермоқда.
Коронавирус Корея Республикасида
Жанубий Корея ҳукумати нанотехнология ёрдамида ҳимоя воситалари яратди. Махсус ниқоб ва кийим-бошлар аҳолига коронавирус юқишига йўл қўймайди. Шунингдек, вирусни бир дақиқада аниқлайдиган тепловизор яратилди ва келгуси ҳафтадан аэропортларга етказиб берилади.
Коронавирус Ўзбекистонда
Аҳолини коронавирусдан ҳимоялаш дастурга киритилди. Янги низом ишлаб чиқилиб, фармон билан ижроси мустаҳкамланди. Матбуот марказида «Коронавируснинг салбий оқибатлари» мавзуида давра суҳбати ўтказилди ва мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Ҳокимият вакиллари қарорга мувофиқ аҳоли орасида коронавирусдан сақланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бормоқда.
Камерага қара!
- Диққат! Ҳамма йиғилдими? Иттифоқчилар қани? Профсоюзчилар буёққа ўтсин. Кўчатни ушланг. Ҳа, тўртовингизга айтяпман. Ие, кўчат қани? Синди? Боринг, бақатеракнинг узун, ингичка шохини синдириб келинг. Кўчатга ўхшаганини синдиринг. Ушлаб туринг, уччалангиз. Камерага оляпман, кўзингиз «кўчат»да бўлсин. Олдик. Хўш, энди кўмишни бошлаймиз. Лопаткаларни олинг. Ялтироқ лопаткали йигитча, олдинроққа ўтинг. Мен «бир-икки» дейишим билан ўновлон тупроқ ташлашни бошлайсиз. Бошланг. Олдик.
«Ҳурматли томошабинлар. Бир миллионта дарахт экиш акцияси давом этмоқда. Биз дарахт экишга жой қолмагунча тўхтамаймиз, демоқда кўнгилли ҳашарчиларимиз. Бизга қўшилинг!»
Сарвар уста
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.
Аввалги ҳафта ижтимоий муаммолари:
Изоҳ (0)