АҚШ президенти Дональд Трамп Хитой раиси Си Цзиньпин янги турдаги коронавирус сабаб юзага келган пневмония эпидемиясини бартараф эта олишига ишонишини билдирди. Бу ҳақда у Ҳиндистонга учиб кетишидан олдин Оқ уйда журналистлар билан бўлиб ўтган суҳбатида маълум қилган, деб хабар берди «ТАСС».

Фото: Reuters

«Коронавирус катта муаммо, аммо Си Цзиньпин ўз мамлакатини яхши кўради. У жудаям кўп ишлаяпти ва муаммога ечим топади», — дейди президент.

«Америка ҳукумати жараёнларда фаол иштирок этмоқда, содир бўлаётган воқеалардан яхши хабардормиз. Юртимиздаги вазият тўлиқ бизнинг назоратимиз остида», — дея қайд этади Трамп.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШда коронавирус 12 кишида аниқланган бўлиб, аксариятининг аҳволи яхшиланган.

Аввалроқ АҚШ Россияни коронавирус билан боғлиқ ёлғон маълумотлар тарқатишда айблаган эди. Уларнинг айтишича, Россиянинг Twitter, Facebook ва Instagram’даги фейк аккаунтлари айнан Қўшма Штатлар вирус яратилиши ортида тургани ва коронавирус Марказий разведка бошқармаси ишлаб чиққан биологик қурол эканлиги ҳақидаги маълумотларни тарқатмоқда.