Facebook ижтимоий тармоғидаги Сафар Каттабоев номли профил эгаси томонидан Ўзбекистонда Қуръони каримнинг айрим оят ва сураларни тақиқлаш кераклиги юзасидан билдирган қарашлари оммавий муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати бу борада ўз муносабатини билдирди. Унда айтилишича, диний таълимот ўта нозик бўлгани туфайли муайян дин номидан ва унинг моҳияти ҳақида фақатгина мутахассислар муносабат билдиришлари мақсадга мувофиқ.
«Шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон фуқароси (у ким бўлишидан қатъи назар) Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдир.
Юртимиз ҳудудида диний манбалар, қадриятлар, муқаддас туйғулар ҳурмат қилиниши шарт. Уларга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатиш, ёмон муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Таассуфки, мўмин-мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига катта эътибор берилаётган бир даврда уларнинг эътиқодларига тааллуқли масалаларда кенг жамоатчилик орасида салбий руҳдаги, кескин баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган фикр-мулоҳазаларнинг ифода этилиши ташвишланарли ҳол», — дейилади муносабатда.
Қўмита Сафар Каттабоев номли профил эгаси ва интернет фойдаланувчиларини Ислом динининг мўътабар манбалари ва қадриятларига тааллуқли мавзуларда салбий баҳс-мунозаралар келтириб чиқарадиган фикрларни тарқатишдан сақланишга чақирган.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунида фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, амалдаги қонун ҳужжатларида миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатиш ифодаланган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланганлигини сира унутмаслик кераклиги тўғрисида огоҳлантирган.
Изоҳ (0)