ДХХнинг Наманган вилояти бошқармаси ва Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг ҳудудий бошқармасини жалб қилган ҳолда ўтказган ўзаро ҳамкорликдаги тезкор тадбири давомида катта миқдордаги қалбаки хорижий валюталарнинг муомалага чиқарилишига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Хусусан, Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Ола-буқа туманида истиқомат қилувчи, 1987 йилда туғилган М.Н. чегарадан ноқонуний олиб кирилган 200 дона қалбаки 100 АҚШ доллари купюрасини Наманган шаҳрида харидорга 9 минг АҚШ долларига сотаётган вақтида ушланди.
Ушбу қалбаки 20 минг АҚШ долларининг миллий валютадаги эквиваленти 190 миллион сўмдан зиёдни ташкил этади.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида мазкур ишга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Изоҳ (0)