Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан 5 февраль куни олинган расмий маълумотларга кўра, 71 нафар фуқародан коронавирус инфекцияси таҳлили учун намуналар олинган.
Таъкидланишича, ушбу намуналарда коронавирус инфекцияси топилмаган.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 4 февраль куни хорижий давлатлардан 29 та самолёт қабул қилинган, 3 924 нафар фуқаролар санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган.
Темир йўллари АЖ марказий санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктидан 5 та поездда жами 892 нафар фуқаролар ўтган, шулардан 89 нафари хориж фуқаролари. Тана ҳарорати кўтарилган фуқаролар аниқланмаган.
Давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлари орқали 1 606 та автотранспорт, 29 263 нафар фуқаро ўтказилган, шулардан 14 495 нафари чет эл фуқароси ҳисобланади.
Хитойнинг Пекин шаҳридан жорий йилнинг 4 февраль куни чартер рейс билан 250 нафар ва 5 февраль куни Ухань шаҳридан 84 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинди ва махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди. Келган фуқаролар малакали шифокорлар томонидан тўлиқ текширилди ва коронавирус инфекциясига лаборатория текширувидан ўтказилган.
Фуқароларнинг барчаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, 14 кун (касалликнинг яширин даври давомида) лаборатория ва тиббий текширувлардан ўтказилади. Мазкур тадбирларга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан соҳанинг етакчи мутахассислари жалб этилган, улар тегишли тартибда касбий тайёргарликдан ўтказилган.
Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг коронавирусга қарши марказий штаби жорий йилнинг 5 февраль ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус касаллиги умуман қайд этилмаган.
Изоҳ (0)