Тахтақорача довонида янги пуллик туннель қуриш лойиҳаси бўйича Давлат-хусусий шериклик агентлиги Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан дастлабки музокараларни олиб бормоқда, дея хабар бермоқда агентлик матбуот хизмати.
«Лойиҳани амалга ошириш мақсадида ЕТТБ билан консултацион хизматлар кўрсатиш бўйича шартнома имзолашга келишиб олинган. Ҳозирда ЕТТБ томонидан шартнома лойиҳаси тайёрланмоқда», — дейилади агентлик ахборотида.
Туннелнинг лойиҳавий узунлиги тахминан 5 километр бўлиб, юқори ижтимоий аҳамиятга эга. Қор ва кучли сел келган вақтларда ҳозирда мавжуд айланма йўлда транспорт қатнови тўхтатилиб, турли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда.
Лойиҳанинг техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари 2020 йилнинг сентябрь ойига қадар, тендер ҳужжатлари 2020 йил октябрь ойига қадар тайёрланиши кўзда тутилган. Тендер жараёни 2022 йил апрель ойига қадар давом этиши ва тендер ғолиби билан 2021 йил май ойида шартнома имзолаш кўзда тутилган.
Тахтақорача довонидан автотранспорт учун пуллик туннель қурилиши мумкинлиги ҳақида илк бор 2019 йил февралида айтилган эди. 2020 йил январида эса ушбу лойиҳа Президентнинг «Йўл соҳасини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилгани маълум бўлган эди.
Қайд этиш жоиз, 2019—2020 йилги қиш мавсумида Китобдаги Тахтақорача довони кучли қор ёғиши натижасида бир неча бор (4 январь, 6 январь, 22 январь кунлари) автотранспорт воситалари қатнови учун ёпилган эди.
Изоҳ (0)