Хитой халқ республикаси ҳарбий денгиз флоти сув ости кемаси АҚШдаги ҳар қандай нишонга етиб бора оладиган баллистик ракетани синовдан ўтказди. Бу ҳақда The Washington Times нашри Пентагондаги манбаларига таяниб хабар тарқатган.
Маълумотларга кўра, энг янги JL-3 ракетасининг синовига 22 декабрь якшанба куни Сариқ денгизнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Бохай кўрфазида Жин синфига кирувчи атом сувости кемасидан старт берилган.
Синовни Америка разведка сунъий йўлдошлари пайқаган ва ракета парвозини турли нуқталардан кузатган. Қуролнинг муваффақиятли тест қилингани ёки аксинча салбий баҳо олгани юзасидан қўшимча маълумот берилмаган.
Пентагон Ахборот хизмати вакили Девид Истберн ушбу ракета синови ҳақида маълумотга эга эмаслигини билдирган. Нашрнинг ёзишича, Хитой ушбу баллистик ракетани АҚШ КХДР узоқ масофага учадиган қурол синовини кутаётган вақтида тест қилган бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)