Сўнгги вақтларда айрим турфирмалар сохта Умра визасини расмийлаштириб, Саудия Арабистони виза низомига зид равишда Ўзбекистон фуқароларини мазкур мамлакатга киритишга уринмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Маълум қилинишича, 26 ноябрь, сешанба куни Андижон вилоятида жойлашган туристик фирмалардан бири томонидан Жидда шаҳрига жўнатилган 14 нафар ўзбекистонликнинг визаси қалбаки бўлиб чиққан.
Ушбу турфирма 14 нафар зиёратчига қалбаки визаларни расмийлаштирган ва Саудия Арабистонига юборган. Саудия Арабистони чегара хизматининг маълум қилишича, уларнинг визаси бекор қилиниб, мамлакатга киритилмасдан депортация қилинган.
Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» АКнинг Саудия Арабистонидаги вакиллари билан ҳамкорликда ҳолат юзасидан барча зарурий ташкилий тадбирлар амалга оширилиб, 27 ноябрь, чоршанба куни «Жидда—Тошкент» рейси билан юқоридаги 14 нафар фуқаро Ўзбекистонга қайтарилган.
Изоҳ (0)