Боливия ТИВ раҳбари Карен Лонгарик мамлакатнинг Исроил билан дипломатик муносабатларни қайта тиклашга қарор қилганини билдирди, деб ёзмоқда «Интерфакс».
Икки давлат ўртасидаги халқаро муносабатлар собиқ президент Эво Моралеснинг қарори билан 2009 йилда Ғазо Секторидаги махсус операция туфайли бекор қилинганди.
Лонгарикнинг сўзларига кўра, Боливия ҳукумати дипломатик алоқаларни Исроил суверенитетига ҳурмат ва ушбу мамлакат билан илиқ муносабатлар сабаб қайта тиклаган. Шунингдек, Ла-Пас мустаҳкамланган икки давлат муносабатлари Боливиянинг туристик бизнесига фойда келтиришига умид қилмоқда.
Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Катц ҳам ушбу қарорни илиқ қаршилади. У вазирликнинг Бразилия воситачилигида Боливия билан муносабатларни тиклаш бўйича ҳаракатларни аллақачон бошлаб юборганини эслатди.
«Исроилга душман кўзи билан қараган президент Моралеснинг истеъфоси ва унинг ўрнини дўстона нигоҳга эга янги администрация эгаллагани ушбу алоқаларнинг тикланишида муҳим рол ўйнади», — дейди Катц.
Эво Моралес ва Боливиянинг бошқа юқори лавозимдаги раҳбарияти 19 кун давом этган сиёсий норозиликлардан кейин истеъфога чиққан. Мамлакатда Сенат спикерининг иккинчи ўринбосари Жанин Аньес президент вазифасини бажаришга киришиб, янги ҳукуматни шакллантирган.
Моралес Боливияни 2006 йилдан буён бошқариб келаётганди. У 2010 йилда Фаластинни 1967 йилдаги чегараланишдан кейин мустақил давлат сифатида тан олган. 2019 йилда Бразилия ва Аргентина ҳам шундай қарор қабул қилган.
Изоҳ (0)