Ироқдаги норозилик намойишларида иштирок этаётган фуқаролар мамлакатнинг бир нечта нефть ишлаб чиқарувчи корхона ва терминалларидаги ишни тўхтатишга уринмоқда. Ушбу ҳаракат оқибатида Ироқнинг нефть экспортига зарар етиши мумкин. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берган.
Хабарга кўра, ҳукуматдаги коррупция, халқнинг қашшоқлиги ва турмуш шароитининг оғирлиги туфайли норозилик билдираётган намойишчилар Ироқ жанубида жойлашган Умм-Қаср портига олиб борувчи йўлни ёпиб қўйган.
Аз-Зубайрдаги Ироқ нефть ишлаб чиқариш компанияси вакилининг айтишича, Умм-Қаср порти орқали нефть экспортинин амалга ошириш имконсиз. Басра денгиз орқали савдони амалга оширишнинг ягона йўналиши бўлиб қолган. Унинг сўзларига кўра норозилик билдираётган оломон ҳатто нефть заводи ходимларини ҳам Умм-Қаср портига ўтказмаяпти.
Al-Arabiya телеканалининг маълум қилишича, намойиш ўтказаётган фуқаролар 18 ноябрдан бери Аз-Зубайра нефть конига олиб борувчи йўлларни ҳам ёпиб қўйган.
Басра орқали Хитой халқ республикаси, Япония ва Ўртаер денгизи атрофидаги давлатларга нефть экспорт қилиш давом этмоқда ва бу каби муаммоларга учрамаган.
Мавзуга доир:
Ироқда 25 октябрда ҳукуматга қарши норозилик намойишларининг иккинчи тўлқини бошланган. Мамлакат аҳолиси ҳукумат сиёсатидан норози бўлиб, Бағдод, Ад-Девония ва Ан-Насрия шаҳарларида намойиш ўтказишни бошлаган. Улар коррупциянинг авж олгани, иш ўринларининг етарли эмаслиги ва давлат томонидан ижтимоий ҳимоянинг таъминланиш даражасининг пастлиги туфайли норозилик билдирмоқда.
Мавзуга доир:
Маълум вақт танаффусдан сўнг яна қайта бошланган норозиликларда полиция ҳамда халқ ўртасида кучли тўқнашувлар кузатилмоқда. Намойишчилар вилоятлардаги сиёсий партиялар офислари, маҳаллий ҳокимликлар ва дипломатик ваколатхоналар биноларини ёқишга урингани ва уларнинг айримларига ўт қўйгани, Ироқдаги намойишларда ҳалок бўлганлар сони 250 нафардан ошгани хабар қилинган. Ал-Сумариа телеканали маълумотига кўра интернетни ўчириб қўйиш Ироқ ҳукуматига 1 миллиард АҚШ долларига тушган.
Ироқда 1 октябрда бошланган ва ҳали ҳам давом этаётган намойишларда камида 320 нафар одам ҳалок бўлган ва минглаб одамлар турли тан жароҳатлари олган.
Изоҳ (0)