«Опа-сингиллар» сериалида Нафиса ролини ижро этган актриса Гавҳар Шарипова оламдан ўтди. Бу ҳақда сериал режиссёри Замира Бегимқулова журналист Феруз Муҳаммадга маълум қилди.

Фото: Kino-teatr.ru

Гавҳар Шарипова жуда ҳам яхши актриса эди. Уни институтда тўртинчи курсда ўқиб юрган вақтларидан биламан. Ўзгача, бошқаларга ўхшамаган, чиройли табассуми учун уни ёқтириб қолганман. «Опа-сингиллар» сериалида қайнонасининг зуғумидан эзиладиган катта опа, яъни Нафиса ролини маҳорат билан ижро этган эди. Бу ролга унинг меҳрибон, очиқкўнгил, содда, керак бўлганда шарттаки характери учун танлаб олган эдик. Оила аъзоларига, яқинларига ҳамдардлик билдираман. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин, илоҳим.

Замира Бегимқулова, режиссёр

Маълумот учун, актриса Гавҳар Шарипова 1980 йилда Навоий шаҳрида туғилган бўлиб, «Алданган аёл», «Гўзаллик сири», «Алпомиш», «Гулхан атрофидагилар», «Сарвиноз» каби фильмларда ҳам турли даражадаги ролларни ижро этган.