Ҳиндистоннинг Тамилнад вилоятидаги Ченнай шаҳрида бино миналаштирилгани ҳақида иккита ёлғон қўнғироқни амалга оширган эркак ҳибсга олинди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Hindustan Time

Хабарга кўра, унинг ушбу қонунбузарликни амалга оширишига қашшоқлик ва очлик сабаб бўлган.

Хабарда «Телефон террорчиси» икки марта уйлангани ва иккала хотини ҳам уни ташлаб кетгани қайд этилган. Ушбу салбий воқеалардан кейин йигит ўз ишхонасидан бўшаган ва тушкунликка берилган. Уйсиз, ишсиз қолгач, кам бўлса ҳам егулик истеъмол қилиш учун қамоққа тушди.

Эркак полицияга ўғирланган телефондан икки марта қўнғироқ қилган ва турли биноларнинг миналаштирилганлиги ҳақида ёлғон ахборот берган. Полистиячилар унинг жойлашган ерини тезда аниқлаб, ҳибсга олган.

Эркакнинг қанча вақт давомида қамоқда қолиши номаълум.

Аввал Ҳиндистонда 42 ёшли эркакнинг 50 та тухум ейман деб гаров ўйнаб, 41-тухумдан кейин ҳушидан кетгани ва шифохонада вафот этгани хабар қилинганди.