Москванинг Домодедово аэропортидан Фарғонага учаётган самолёт йўловчининг ўлими сабабли Самарада фавқулодда қўнишни амалга оширди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Қайд этилишича, Домодедово—Фарғона йўналиши бўйича CVR2419 рейсини бажарган самолёт йўловчилардан бирининг соғлиги ёмонлашгани сабабли Самарадаги «Курумоч» аэропортига қўнишга мажбур бўлган.

Шифокорлар самолёт бортига етиб келганда, йўловчи вафот этиб бўлганди.

Дастлабки маълумотларга кўра, вафот этган йўловчи Ўзбекистон фуқароси бўлган. Унинг ўлимига ўпкадаги шиш билан кузатилган инфаркт сабаб бўлган.

Аввалроқ, 6 ноябрь кечки вақт Пекиндан Тошкентга учаётган Uzbekistan Airways самолёти Хитойнинг Ланчжоу шаҳридаги аэропортга фавқулодда қўнгани ҳақида хабар берилган эди. Самолёт йўловчилардан 5 нафари — Ўзбекистоннинг 3 фуқароси ҳамда Россиянинг 2 фуқароси соғлиги ёмонлашган. Йўловчиларга самолёт қўнганидан кейин биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар шаҳар клиник шифохонасига жойлаштирилган. Шундан кейин самолёт 7 ноябрь эрталаб Тошкентга учиб кетган.