Куннинг энг асосий янгилиги: Тожикистон—Ўзбекистон чегарасидаги тожик постига ИШИД жангарилари ҳужум қилди. Ҳужум оқибатида тожикистонлик бир ҳарбий ва бир милиция ходими ҳалок бўлган. Террорчиларнинг эса 15 нафари йўқ қилинган, беш нафари қўлга олинган. ИШИД аъзолари дейилаётган жангариларнинг шунча жой қолиб, айнан Ўзбекистон чегарасидаги постга, тағин Тошкентда МДҲ махсус хизматлари раҳбарлари учрашуви арафасида ҳужум қилгани жуда бир ғалати.

Тожикистон ҳарбийлари томонидан зарарсизлантирилган террорчилар автомобили.
Фото: Тожикистон ИИВ матбуот хизмати

Бугунги кун кечагисидан даҳшатли: Кеча Қашқадарёда 15 ёшли ўқувчи қиз она бўлиб қолгани ҳақида ёзилганди, бугуннинг шов-шуви — Тошкентда беш яшар қизини ўлдириб, ёқиб юборган ота-она. Улар бу қилмишни содир этган вақтда маст бўлган. Жиноят орадан бир ҳафтадан кўпроқ вақт ўтиб — онанинг ўзи: «Қизим йўқолди», деб ариза билан мурожаат қилганидан сўнг фош этилган. Айни вақтда ота-она ҳибсда, бироқ улар нима учун болани ўлдиргани ҳозирча номаълум.

Фарғона водийсига радиоактив фалокат хавф солмоқда, дея бонг урмоқда Reuters ва Euronews. Қирғизистон жануби-ғарбий қисмидаги Мойлисой шаҳри яқинида дунёдаги энг йирик радиоактив чиқиндилар омбори жойлашган. Совет даврида Мойлисой уран қазиб олиш ва қайта ишлашдаги муҳим марказлардан бири бўлган. Айтишларича, Агар радиоктив чиқиндилар Норин дарёсига оқиб кетса, бу водийнинг барча аҳолиси учун — хусусан, ўзбекистонликлар учун ҳам йирик фожиа бўлади.

Санкт-Петербург — ўзбекистонликлар шаҳри! Шаҳар расмийларининг сўзларига кўра, 2019 йилда чет элликларга ишлаш учун берилган патентларнинг 70 фоизини Ўзбекистон фуқаролари олган (бекордан-бекорга: «Санкт-Петербургда 1 миллион ўзбекистонлик бор!», деб айтишмаган-да). Лекин Питерда ҳамма ўзбеклар ҳам қонуний ишлаётгани йўқ — масалан, Будапешт кўчасида ноқонуний казино очган 24 ёшли Ўзбекистон фуқароси фош этилган.

Ўзбекистонда яна нима янгиликлар? Қашқадарёда қор ёғди. Сурхондарё ва Қорақалпоғистон томонларда буханка нон нархи 2—2,5 минг сўмгача кўтарилиб кетди. Тошкентда кўп қаватли биноларни бетон ўрнига ёғочдан қуриш таклиф қилинди. Фарғонадаги ЙТҲ оқибатида икки ўқувчи қиз ҳалок бўлди. Мамлакатда 10 ой давомида юз берган 10 мингга яқин ёнғин оқибатида 100 га яқин одам қурбон бўлди. Андижонда синовдан ўтказиш учун ИИБ ходимларига электромобиллар берилади. Ва яна Андижон — электр энергиясидан салкам 4 миллион сўм қарзи бор аёл МИБ ходимини хода билан калтаклади.

Жаҳонда-чи, нима гап? Айтишларича, ИШИДнинг собиқ етакчиси Ал-Бағдодий ўлимидан олдин чўпонлар либосида юрган, Эрдўғон эса Ал-Бағдодийнинг хотини ҳам ҳибсга олинганини маълум қилди. Япония бош вазири икки вазир истеъфога чиққани учун халқдан кечирим сўрабди: «Уларни мен тайинлаган эдим, мен жавобгарман, кечиринглар!», деб. Шимолий Осетияда ўзбекистонлик эркак 7 ёшли қизнинг номусига тегди. Қозоғистонда эса уч ўзбекистонликнинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 5 йилга қамалди. Ва битта ижобий янгилик — ўзбекистонлик имконияти чекланган қизча ўз шеъри билан Central Asia’s Got Talent ҳакамларини таъсирлантирди (видеосини кўринг албатта).

Ҳа-я, айтмоқчи, Тошкент метрополитенидаги номи ўзгарган ва ўзгарадиган бекатлари ҳақидаги мақола ҳамда «Алпомиш» достонининг 1020 йиллигига бағишланган тестни ҳам ўтказиб юборманг.