2018—2019 йилларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиалларида қурилиш-таъмирлаш ишлари учун 62,33 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилди, деб хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Инвестиция дастури доирасида 202,1 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 2019 йилда РШТЁИМ ҳудудида кардиохирургия, трансплантология ва нейро-қон томир хирургияси бўлимлари учун янги беш қаватли бино қурилиши бошланди.
Ўтган қисқа вақт мобайнида тез ёрдам хизмати ҳам тобора замонавийлашиб бораяпти. Кейинги йилларда тез ёрдамнинг махсус санитар автотранспорт парки янгиланди. Бугунги кунда тизимда икки ярим мингга яқин Nissan, Hundai, Toyota русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Янги харид қилинган 281 та реанимобиллар 4,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги зарур асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. 2019 йилда яна 150 та тиббий асбоб-ускуналар ва алоқа воситалари билан тўлиқ жиҳозланган Ford русумидаги реанимобиллар харид қилинди.
«Бундай кенг қамровли ислоҳотлар натижасида аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда, мурожаатлар йил сайин ошиб бораяпти. Масалан, таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда чақириқлар сони 7,2 миллионни ташкил қилган бўлса, 2017 йилда – 8,7 миллион. 2018 йилда эса 9,8 миллионга етган. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи ичида эса мурожаатлар сони тўққиз миллиондан ошган», — деди шошилинч ва тез тиббий ёрдам масалалари бўйича маҳаллий координатор Обиджон Дилмуродов.
Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам хизматининг стационар муассасаларига ҳам мурожаатлар кўпаймоқда.
Жумладан, 2017—2019 йилларда ушбу шифо масканларига 7,5 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган. Улардан 2,5 миллион нафари стационар, 5 миллиондан ортиғи эса амбулатор тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлган. Стационарда даволанган беморларнинг 500 мингдан ортиғига юқори технологик хирургик амалиётлар бажарилган.
Изоҳ (0)