Бош прокуратура суд ҳужжатларини ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилишни кўзда тутадиган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони лойиҳасини муҳокама учун тақдим этди.
Янги тартибни 2020 йилнинг 1 февралидан жорий этиш кўзда тутилган. Унга кўра, жисмоний шахсларнинг маъмурий жарималари, солиқдан қарзлари ҳамда давлат божи тўловлари масофадан ундирилади, бунинг учун қарздорнинг уйига бориб, у билан мулоқот қилиш талаб этилмайди.
Бу қарздорнинг банкдаги ҳисоб рақами, шу жумладан, банк карталаридан пул маблағларини қидириш ва ундан ечиб олиш кўринишидаги мажбурлов чораларини қўллаш орқали амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2020 йил 1 мартдан бошлаб алимент мажбуриятлари бўйича ягона банк ҳисоб рақамини яратиш режалаштирилган.
Лойиҳа муҳокамаси 7 ноябргача давом этади.
Изоҳ (0)