Қирғизистон президенти Садир Жапаров Жогорку Кенешга икки ва кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарликни бекор қилиш тўғрисидаги қонунни эътирозлар билан қайтарди. Бу ҳақда “Кактус медиа” хабар бермоқда.

Президентнинг эътирозлари Омбудсман, Бош прокуратура, Президент ҳузуридаги Дин ишлари ва миллатлараро муносабатлар миллий агентлиги, Миллий фанлар академияси, Адлия вазирлиги ва Конституциявий суд аппарати хулосалари асосида тайёрланган.
“Икки ёки кўпхотинлилик учун жиноий жавобгарликнинг сақланиб қолиши Қирғизистоннинг халқаро мажбуриятларига мос келади. Бу давлатнинг гендер тенглиги ва қонун устуворлиги тамойилларига содиқлигини намойиш этади, аёллар ва болаларни ҳуқуқий ва ижтимоий тенгсизликдан ҳимоя қилади, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дейилади давлат раҳбарининг эътирозида.
Ҳозирда Қирғизистон Жиноят кодекси 176-моддасига кўра, икки ёки кўпхотинлилик, яъни эркакнинг икки ёки ундан ортиқ аёл билан умумий хўжалик юритиб бирга яшаши юз соатдан уч юз соатгача жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 500 (50 минг сўм) дан 1000 (100 минг сўм) ҳисоб кўрсаткичигача миқдорда жарима билан жазоланади.
Бундан аввал Садир Жапаров “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни имзолаганди. Ҳужжатда таҳририятларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, иш қоидалари ва ҳуқуқий мақоми, шунингдек журналистлар учун жавобгарлик ва кафолатлар белгиланган.
Июль ойида Қирғизистон президенти мамлакат жиноят кодексига SIM карталар ва молиявий маълумотларни бегоналарга беришга жазо белгилайдиган ўзгартиришларни тасдиқлаганди. Қонуннинг мақсади шахснинг ўз банк картаси, ҳисоб рақами, электрон ҳамёни, мобил банкинг, SIM картаси ёки бошқа молиявий маълумотларини учинчи шахсларга бериши ёки сотишининг олдини олишдан иборат.
Изоҳ (0)