Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Ижтимоий тармоқларда Фарғонада «Маст ходим» рейдидан қочган ИИБ инспектори аёлни хизмат машинасида уриб ўлдирганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят ички ишлар бошқармасининг матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди. Муносабат ЎзА томонидан эълон қилинди.

Муносабатда айтилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ЙТҲ сабабчиси дея кўрилаётган А.Э. қони текширилганда оз миқдорда алкоголли ичимлик истеъмол қилгани юзага чиққан. Бироқ 25 сентябрь куни соат 20:30 да содир бўлган воқеа пайтида профилактика инспектори А.Э. мутлақо маст ҳолатда бўлмаган. Буни Фарғона шаҳар наркология диспансерининг хулосаси тасдиқлаган.

А.Э. ИИБ ички хавфсизлик хизмати спиртли ичимлик ичган ходимларни аниқлаш мақсадида ўтказган рейд давомида қўлга тушиб қолишдан қочаётган пайтда уриб юборганлиги ҳам ҳеч қандай асосга эга эмас, дейилади вилоят ИИБ баёнотида.

Қайд этилишича, ўша куни ходимлар учун ҳеч қандай рейд тадбирлари ўтказилмаган. Ходим хизмат автомашинасида эмас, балки ўзининг шахсий Matiz русумли автомобилида ҳушёр ҳолда бўлган. Ҳодиса рўй берган куни А.Э. автомашинани Фарғона шаҳар С.Темур кўчасидан А.Навоий кўчаси томонга бошқариб кетаётиб, шу кўчада жойлашган «Шох» кафеси рўпарасига етган вақтида тўсатдан автомашина олдига чиқиб қолган аёлни уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Оғир тан жароҳати олган аёлни А.Э.нинг ўзи Фарғона шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалига олиб борган. Бироқ аёл шифохонага етиб борган вақтда вафот этган.

Мазкур ҳолат бўйича воқеа жойида олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида воқеанинг гувоҳи бўлган фуқаролар А.Н., Д.М., Ш.О., У.Р. томонидан маълум қилинишича, ЙТҲга учраган аёлни дастлаб йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келган Nexia русумли автомашина уриб юборган, ундан кейин ушбу аёл Matiz автомашинасига бориб урилган. Nexia’ни ушлаш чоралари ҳам кўрилган.

Ўзбекистон тумани ИИБ профилактика инспектори, катта лейтенант А.Э.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар