Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ—2022 саралашининг иккинчи босқичи 3-туридан ўрин олган Яманга қарши баҳсда йирик ҳисобидаги ғалабани тантана қилди.

Фото: «Дарё»

Учрашувнинг 3-дақиқасида терма жамоадаги дебютини нишонлаётган Санжар Қодирқулов қанотдан узатилган тўпни тўхтатмасдан Яман дарвозасига жойлаб қўйди. Унга голли узатмани эса Достонбек Ҳамдамов амалга оширди.

Ўйиндаги иккинчи гол эса 33-дақиқада терма жамоа тўпурари Элдор Шомуродов томонидан киритилди. Элдор қанотдан узатилган тўпни боши билан дарвозага киритди.

Томонлар танаффусга 2:0 ҳисоби билан йўл олди.

Иккинчи бўлимнинг 53-дақиқасида эса Жамшид Искандеров жарима майдончаси ташқарисидан зарба берган ҳолда ҳисобни 3:0 кўринишга келтириб қўйди.

Учрашувдаги тўртинчи голга 72-дақиқада Ислом Тўхтахўжаев муаллифлик қилди. У ҳам Яман дарвозабонини боши билан зарба берган ҳолда ожиз қолдирди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Игор Сергеев ҳам ўз номига битта голни ёздириб қўйди (5:0).

Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси Вадим Абрамов бошчилгидаги илк (навбатдаги) ғалабасини йирик ҳисобда қўлга киритди.

Гуруҳдаги иккинчи беллашув бугун Саудия Арабистон ҳамда Сингапур терма жамоалари ўртасида кечади. Ўйин 22:00 да бошланади.

ЖЧ—2022 саралаши

3-тур баҳслари

10 октябрь, пайшанба

Ўзбекистон—Яман 5:0

Голлар: 1:0 — 3 Санжар Қодирқулов, 2:0 — 33 Элдор Шомуродов, 3:0 — 53 Жамшид Искандеров, 4:0 — 72 Ислом Тўхтахўжаев, 5:0 — 90 Игор Сергеев

Ўзбекистон: Элдор Суюнов, Фарруҳ Сайфиев (Икром Алибоев, 75), Рустам Ашурматов, Ислом Тўхтахўжаев, Хожиакбар Алижонов, Санжар Қодирқулов, Жамшид Искандаров (Одил Аҳмедов, 57), Жалолиддин Машарипов, Отабек Шукуров, Достонбек Ҳамдамов, Элдор Шомуродов (Игор Сергеев, 79)

Яман: Салим Авад, Ал-Ҳамри, Ал-Радаеи (Муҳаммад Салим, 85), Алаеддин Маҳди, Аҳмад ал-Сарори, Омар ал-Даҳи, Абдулвасеа ал-Матари, Аҳмад Маҳер (Ал-Ворафи, 48), Носир ал-Гахваши, Муфед Жамол, Эмад Мансур (Фуад Омар, 71)

Огоҳлантиришлар: Ал Ворафи (56), Отабек Шукуров (76)

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!