Россия президенти Владимир Путин ўз ойлик маошини ошириш, шунингдек, мамлакат бош вазирини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.

Фото: «РИА Новости»

Ҳужжатга кўра, иш ҳақлари 2019 йилнинг 1 октябридан 4,3 фоизга оширилган. Бундан ташқари, Россиянинг бир қатор идоралари раҳбарларининг ҳам иш ҳақи миқдорлари оширилган.

Раҳбарларининг иш ҳақлари оширилган идоралар қаторидан Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Федерал хавфсизлик хизмати, Федерал қўриқлаш хизмати, «Росгвардия», Бош прокуратура, Тергов қўмитаси, Ташқи разведка хизмати ва Давлат ов хизмати ўрин олган.

Аввалроқ Путин давлат хизматчиларининг баъзи тоифалари иш ҳақини 4,3 фоизга кўтариш ҳақидаги фармонни имзолаган.

Россия президенти 2015 йилда бюджет тақчиллиги сабабли юқори мансабли давлат хизматчилари иш ҳақини 10 фоизга камайтиришга қарор қилган. 2019 йилнинг май ойида эса мансабдорларнинг иш ҳақлари аввалги даражага қайтгани маълум бўлган.