Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги кўмир конларида 6 киши ис газидан заҳарланиш натижасида вафот этди, деб хабар бермоқда «24.кг».
Биринчи ҳодиса 5 октябрда Сулюкт шаҳрида Ўрта Осиёдаги кўҳна ва Қирғизистондаги энг катта кўмир конларидан бирида содир бўлган. 40, 43, ва 44 ёшдаги уч ака-ука «Абдухакар-Кен» МЧЖга қарашли конда ис газидан заҳарланган ва қутқарувчилар томонидан шифохонага етказилиб, у ерда вафот этган. Яна икки нафар заҳарланган фуқаронинг ҳолати қониқарли даражада экани айтилган.
Иккинчи ҳодиса Қизил-Қия шаҳрида 6 октябрь, якшанба куни кузатилган. Қутқарувчилар уч нафар 21, 32 ва 42 ёшдаги кўмир қазувчиларнинг жасадларини ташқарига олиб чиққан. Улар Лўкат туманида яшовчи фуқаролар бўлган.
Нашрнинг ёзишича, заҳарланиш маҳаллий вақт билан соат 13:00 да Қадамжой туманининг «Уч-Қўрғон» фуқаролар йиғинидаги Бўз қишлоғида 35—40 метр чуқурликда жойлашган шахтада содир бўлган. Учала ишчи ҳам техника хавфсизилиги қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ўзбошимчалик билан кўмир қазиб олишга уринган.
Изоҳ (0)